Иккинчи тилми ёки давлат тили?
Чет тили«Таълим тўғрисида»ги Қонун асосида республикамизда таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар нафақат таълим босқичлари ва шакллари, балки таълим мазмунининг ҳам ислоҳ қилинишига олиб келди, хусусан, ўзбек тили фанининг давлат тили сифатида барча таълим гуруҳларида: таълим бошқа тилларда олиб мактабларда, коллежлар, лицейлар ва олий ўқув юртларининг русийзабон гуруҳларида ўқитилиши йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунда республикамизда ўзбек тили таянч ўқув режаси асосида камида 10-13 йил ўқитилмоқда. Шунга қарамай, республикамизда ўзбек тилининг бошқа миллат вакиллари томонидан давлат тили даражасида эгалланиши анча суст кетмоқда. Бу ўзбек тили ўқитувчилари олдига ўзбек тили таълими методларини янгилаш, таълим жараёнига ўқувчилар ва талабаларни фаоллаштириш усулларини татбиқ этиш, дарсларни янги қизиқарли усулларда ташкил этиш, янги педагогик технологиялар ва замонавий ахборот воситалари ёрдамида ўзбек тилининг амалий қўлланилишини тезроқ ўргатиш каби долзарб масалаларни қўймоқда.